ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Ҳукуматнинг “Қурилиш соҳасига оид талабларни соддалаштириш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Norma.uz.
Ҳужжатга мувофиқ, 2023 йилнинг 1 январидан:
"Давлат харидлари тўғрисида"ги қонун доирасида амалга ошириладиган қурилиш-монтаж, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларидаги қиймати смета-ресурс нормалари асосида шакллантирилади;
қурилиш-монтаж, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларини ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштираётган тадбиркорлик субъектлари учун смета-ресурс нормалари тавсиявий хусусиятга эга бўлади;
қурилиш регламентлари ҳамда смета-ресурс нормалари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар жумласига кирмайди ҳамда уларни Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди;
шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (кейинги ўринларда – ШНҚ) ҳар 3-4 йилда қайта кўриб чиқилади ва заруратга кўра янгилаб борилади;
қурилиш материаллари ва жиҳозларига оид стандартлар фақат қурилиш вазирлиги томонидан қабул қилинади;
қуйидаги хорижий норматив ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган ҳамда хорижий давлатларда экспертизадан ўтказилган лойиҳаларнинг тегишли қисмлари Ўзбекистонда тўғридан-тўғри тан олинади ва ушбу қисмлар бўйича маҳаллий экспертиза органларидан экспертизадан ўтказилмайди:
Т/р | Норматив ҳужжатлар номи |
1. | Еврокодлар (European Codes, EС) |
2. | Британия стандартлари (British Standards, ВS) |
3. | Хитой миллий қурилиш стандартлари(GB, CJ, JC, JG ва бошқалар) |
4. | Корея қурилиш кодлари(Korean building code, КВС) |
5. | Россия Қурилиш меъёрлар ва қоидалар (СНиП) |
6 | АҚШ халқаро қурилиш кодлари(International building code, IBC) |
7. | Япония миллий стандартлари(Japanese Industrial Standards, JIS) |
Қурилиш вазирлигига "Қурилиш регламентлари" ва "Смета-ресурс нормалари"га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, уларнинг янгиларини қабул қилиш ёки аҳамиятни йўқотганларини бекор қилиш ҳуқуқи берилмоқда.
Шунингдек, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланмоқда:
2023 йилда ўзаро умумлаштириладиган шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари рўйхати (44 та ШНҚ 14 та ШНҚга умумлаштирилади);
2023 йилда ўзаро бирлаштириладиган қурилиш ишлари учун "Смета-ресурс нормалари" тўпламлари рўйхати (35 та тўплам 16 тага бирлаштирилади);
2023 йил 1 январдан мажбурийлиги бекор қилинадиган ва "Қурилиш регламентлари" тоифасига ўтказиладиган 30 та ШНҚ рўйхати;
2023 йил 1 январдан мажбурийлиги бекор қилинадиган ва маълумотнома тоифасига ўтказиладиган 76 та ШНҚ рўйхати;
2023 йил 1 январдан мажбурийлиги бекор қилинадиган ва қурилиш ишлари учун "Смета-ресурс нормалари" тоифасига ўтказиладиган 46 та ШНҚ рўйхати.