Қирғизистонда ўзбек-қирғиз йигирув корхонасини ташкил этилади

Икки мамлакат ҳудудида тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги қўшма лойиҳалар сони кўпайтирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Қирғизистонда ўзбек-қирғиз йигирув корхонасини ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар берди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Мусо Жаманбаев билан учрашди.
ўзбек - қирғиз ҳамкорлиги
Суҳбат давомида кўп қиррали ўзбек-қирғиз ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Тадбирда фикр алмашилган масалалар:
Саноат кооперациясининг янги истиқболли қўшма лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
Савдо шартномаларини тузиш;
Бишкек шаҳрида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10-йиғилиши ҳамда икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларини жалб қилган ҳолда бизнес-форум ўтказишга тайёргарлик кўриш.
Таъкидланишича, икки мамлакат ҳудудида тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги қўшма лойиҳалар сони кўпайтирилади.
Томонлар қуйидаги лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилади:
2022-2025 йилларга мўлжалланган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури;
Қишлоқ хўжалиги техникаси ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги Битим;
Дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласи соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим.

Ўзбек-Қирғиз тараққиёт жамғармаси шаҳар транспорти соҳасида 1,85 миллион долларлик лойиҳани молиялаштиришни бошлаган.

Жамғарма маблағларини жалб қилган ҳолда Қирғизистонда йигирув корхонасини ташкил этиш лойиҳасини молиялаштириш ва травертинни бирламчи қайта ишлаш лойиҳасини биргаликда амалга оширишга келишилди.
Гидроэнергетика ҳамда транспорт ва логистика соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалалари алоҳида тартибда кўриб чиқилди.
Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда қирғиз капитали асосида 291 та корхона фаолият кўрсатмоқда.