ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Ўзбекистон ва Вьетнам автомобиллар учун бутловчи қисмлар ва электроника ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вьетнам вице-президенти Во Тхи Ань Суан билан учрашуви чоғида маълум қилинди.
Остонадаги Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) саммити доирасида бўлиб ўтган музокараларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида шоличилик, пахтачилик, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё ва тўқимачилик маҳсулотларини, автомобиллар учун бутловчи қисмлар ва электроника ишлаб чиқариш каби истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар қайд этилди.
Яқин ойларда экспертлар даражасида ўзаро ташрифлар ўтказилиши, Ҳукуматлараро комиссия фаолияти қайта тикланиши ҳамда Ўзбекистон-Вьетнам Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилиши юзасидан келишиб олинди.
Таъкидланишича, бу ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва инвестициявий шерикликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Томонлар парламентлараро муносабатларни йўлга қўйиш, таълимга оид ва бошқа қўшма гуманитар дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.