ЕОИИнинг аксарият давлатлари Россия гази учун тўловни рублга ўтказди

Таъкидланишича, Россия, Беларусь, Aрманистон ва Қирғизистон бунга рози. Қозоғистон ҳозир бу йўналишда ўйлаяпти.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) деярли барча давлатлари газ учун тўловни рублда тўлашни мувофиқлаштирди, Қозоғистон ҳозирча бу масалани кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссиясининг энергетика ва инфратузилма вазири Aрзибек Кожошев Россия энергетика ҳафталиги доирасида РИA Новости агентлигига маълум қилди.

“Евроосиё доирасида газ бўйича ўзаро ҳисоб-китобларга кўра, баъзи давлатлар Россия гази учун ўзаро фақат рус рублида тўлашга келишиб олган, Россия, Беларусь, Aрманистон ва Қирғизистон бунга рози. Қозоғистон ҳозир бу борада ўйлаяпти”, - деди Кожошев.

У вақт ўтиши билан миллий валюталарда савдо жадал давом этишига ишонч билдирди.

“Россия рубли мустаҳкамланади, чунки Россия хомашёси ва гази етказиб бериладиган мамлакатларнинг барча ҳудудларида миллий валюталарда ўзаро ҳисоб-китоблар кўпаяди”, - дея қўшимча қилди вазир.

Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган эди. Иттифоқ 2014 йилда Россия, Беларусь ва Қозоғистон ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Бу иттифоққа 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон аъзо бўлган, Молдова ва Куба кузатувчи мақомига эга.
ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдан иборат.