Россия компанияси Ўзбекистонда протез ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин

Ўзбекистон Тиббий ва ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва Россиянинг “Моторика” компанияси республикада реабилитация соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. Россиянинг “Моторика” компанияси Ўзбекистонда юқори технологияли протезлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар бермоқда компания матбуот хизмати.
Айтилишича, “Моторика” ва Ўзбекистон Тиббий ва ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ўртасида 2026 йилгача республикада реабилитация соҳасини ривожлантириш бўйича меморандум имзоланган.

“Биринчи босқич 18 ёшгача бўлган болаларни функционал протез қўллар билан таъминлашни, кейинги босқичда эса 18 ёшдан ошган катталарни реабилитация дастурининг тўлиқ циклини ишга туширишни назарда тутади. Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда”, - дейилади хабарда.

"Моторика", шунингдек, реабилитация қилишнинг техник воситалари қаторини ва реабилитациянинг тўлиқ цикли дастури ва ушбу воситалардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш тизимини тақдим этди. Компания аллақачон ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан, иккита бола учун бир нечта протезлар ўрнатган.
Маълумот учун, “Моторика” Сколково резиденти ҳисобланади. У юқори технологияли қўл ва билак протезларини ишлаб чиқаради.