ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. Остона шаҳрида 13-14 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммитида Кувайт кенгашга аъзо бўлади. Бу ҳақида РИА Новости хабар қилмоқда.
Унда Кувайтнинг ушбу ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинади.
Саммитда шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши глобал стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси лойиҳаси қабул қилиниши ҳам кутилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон, Озарбайжон, Афғонистон, Баҳрайн, Бангладеш, Вьетнам, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Иордания, Ироқ, Эрон, Қозоғистон, Қатар, Камбоджа, Хитой, Жанубий Корея, Қирғизистон, Мўғулистон, БАА, Покистон, Фаластин, Россия, Тожикистон, Таиланд, Туркия, Шри-Ланка Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашининг доимий аъзолари ҳисобланади.
Кенгашда кузатувчи мақомидаги мамлакатлар: Беларусь, Индонезия, Малайзия, АҚШ, Украина, Филиппин, Япония, Лаос ва Туркманистон.
Эслатиб ўтамиз, бугун Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммити ўз ишини бошлайди. Саммитда 11 давлат етакчилари иштирок этади.
Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан Остона шаҳрига жўнаб кетди. Шавкат Мирзиёев Остонада “мулоқот форуми”да нутқ сўзлайди.