ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. Бугун Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида “Etnosport challenge 2022” фестивали ўз ишини бошлади. Бу ҳақида Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
Айтилишича, фестивал учун Қўқон шаҳри бежизга танланмаган. Бу ерда халқ сайиллари олдиндан ўтказиб келинган. Қолаверса, мазкур ҳудудда унутилаёзган миллий ўйинлар ҳам қайта тикланмоқда.
"Дорбозлик, цирк санъати жуда ривожланган. Қўқонда цирк санъатини бутун дунёга танитаётган полвонлар бор. Умуман олганда, Фарғона, Қўқон халқ миллий ўйинларига бой ҳудуд. Ўйлайманки, миллий ўйинларимиз туристларни ўзига жалб қила олади”, - дейди Туризм ва маданий мерос вазирлиги бошқарма бошлиғи Заррина Абдуллаева.
Фестивалга нафақат Ўзбекистон балки, Қирғизистондан ҳам иштирокчилар ташриф буюрган. Улар дорбозлик, мерганлик, тош кўтариш, кураш каби миллий ўйинларда куч синашишди.
Маълумот учун, этноспорт анъанавий ўйинларнинг ҳақиқийлигини сақлаб қолиш ва уларни замонга мувофиқлаштириш имконини берувчи спорт тадбирларининг шаклидир.