ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. Ҳар бир маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун 2023 йилдан “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказган йиғилишида маълум қилинди.
Келгуси йил 1 январдан бошлаб ҳар бир вилоятнинг биттадан туманида тажриба тариқасида аҳолининг мол-мулк ва ер солиғини ундириш маҳалланинг ўзига ўтказилади.
Бунда ундирилган мол-мулк ва ер солиғи маҳалла бюджетида қолади. Ҳар йили 1 февралга қадар ҳокимлар маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчилари билан бирга маҳалла бюджети ҳисобидан ҳал қилинадиган лойиҳалар рўйхатини туман Кенгашларига тасдиқлаш учун киритади;
Келгуси йил якунида ушбу тажрибани барча ҳудудларда жорий этиш режалаштирилмоқда.