Кремль Путин ва Маск охирги марта қачон гаплашганини айтди

Песков: Мен сизга фақат улар бир ярим йил олдин телефон орқали гаплашганини тасдиқлашим мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков америкалик тадбиркор Илон Маскнинг Украина бўйича келишув режаси эълон қилинишидан олдин у ва Россия президенти Владимир Путиннинг суҳбати бўлиб ўтгани ҳақидаги даъволарни рад этди.

“Йўқ, бу нотўғри”, - деди Песков Маскнинг Россия Федерацияси раҳбари билан суҳбатлашгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

"Мен сизга фақат улар бир ярим йил олдин телефон орқали гаплашганини тасдиқлашим мумкин”, - деди Песков журналистларга.
Американинг “Vice” нашри гўёки Маск яқинда Путин билан суҳбатлашгани ҳақида хабар берган эди. Нашр америкалик сиёсатшунос Ян Бреммерга таяниб ёзган, Бреммер ўз навбатида бизнесмен билан суҳбатидан иқтибос келтирган. Бреммернинг сўзларига кўра, Маск унга Путин “музокараларга тайёр”лигини айтган.
Маск аввалроқ Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича ўз қарашларини таклиф қилган эди. Унинг режаси тўрт банддан иборат: Қрим Россия таркибида қолиши лозим; Донбасс, Херсон ва Запорожье вилоятларида БМТ назорати остида такрорий референдумлар ўтказилиши керак; Қрим яриморолини сув таъминоти кафолатлари билан таъминлаш зарур; Украинанинг бетараф мақомини мустаҳкамлаш даркор.