Ижарада турадиган 1-курс талабаларига 2 ойлик ижара компенсацияси тўлаб берилади

Ижарада турадиган талабаларга ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. Ижарада турадиган 1-курс талабаларига 2 ойлик ижара компенсацияси ҳеч қандай шартномасиз тўлаб берилади. Бу ҳақида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Садуллаев маълум қилди.
Қайд этилишича, ижарада яшайдиган 1-курс талабаларига, истисно тариқасида, сентябрь ва октябрь ойи ижара тўловларининг 50 фоизи тўлаб берилади.
Тошкент шаҳрида БҲМнинг 1 бараваригача (ҳозирда 300 минг сўм);
Қолган ҳудудларда эса БҲМнинг 0,5 бараваригача (ҳозирда 150 минг сўм).
Ижара шартномасини тақдим этган талабаларга ноябрь ойидан тўловлар давом эттирилади.
“Мазкур имкониятдан фойдаланиш учун ижарада турадиган талабалар ўзи таълим олаётган факултетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари ёки олий таълим муассасасининг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига мурожаат қилишлари мумкин”, дейди Алишер Садуллаев.
Маълумот учун, Ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, ўтган йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онасига тегишли бўлмаган уйда ижарада яшайдиган талабаларга улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланганди.