Хоразм Маъмун академияси китоблар фондида қандай ноёб қўлёзмалар сақланмоқда

Улар орасида Огаҳий асл дастхати билан таржимаси ёзилган Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асари ҳам бор.
Sputnik
Хоразм Маъмун академияси китоблар фондида Хоразм вилояти ҳудудидан топилган 9 та қадимий ноёб қўлёзмалар ҳам мавжуд. Улар орасида Огаҳий асл дастхати билан таржимаси ёзилган Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асари ҳам ўрин олган. Sputnik мухбири академия ходимларидан бу китоблар ҳақида маълумот олди.
1 / 3
2 / 3
3 / 3
“Қадимий ноёб қўлёзмалар илмий тадқиқотлар олиб борганда жуда қўл келади. Вилоят ҳудудида 9 та қадимий китоблар топилиб, Хоразм Маъмун академиясига топширилди. Бу китоблар орасида машҳур форс-тожик адиби Саъдий Шерозий қаламига мансуб “Гулистон” асарининг туркий тилдаги таржима қўлёзмаси бор. Қадимий китоблар академияга олиб келиниши билан бутун жамоа қувониб кетдик”, - деди Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими Дилмурод Бобожонов.
Мазкур китобларни академияга Хива шаҳри Гулирайҳон маҳалласида яшовчи Отахон Маткаримов ва Хива шаҳар ИИБ ходими Ш.Қурбонбоев тақдим этишган.
Таъкидланишича, “Гулистон” асарининг мазкур таржимаси Муҳаммадризо Огаҳий қаламига мансуб ва айнан адибнинг асл дастхати эканлиги аниқланган. Шу вақтгача таржимоннинг ушбу асардаги дастхат нусхаси бўлмаган.
“Китобларни олиб келишганида “Гулистон” таржимаси Мунис Хоразмийга тегишли деб айтишди. Мен қўлёзмани орқа тарафини кўрганимда милодий 1862 йил ёзилганди. Ҳайрон бўлдим ва устозим тарих фанлари номзоди Комилжон Худойбергановга мурожаат қилдим. Сўнг дастхатни расмга олиб тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ҳилола Назировага кўрсатдим. Текширувлардан бу Огаҳий дастхати эканлиги маълум бўлди”, - деди Бобожонов.
Огаҳий дастхатини аниқлаш усулларидан бири дастхат нусхаларининг колофонларида котиб исми кўрсатилмайди. Қўлёзма ёзуви нуфузли тадқиқотчилар томонидан Огаҳий дастхати сифатида баҳоланган ва у шоирнинг бошқа қўлёзмалардаги ёзув услуби билан бир хилдир. Огаҳийнинг дастхати уни осонлик билан таниб олиш мумкин бўлган ўзига хос хусусиятларига эга.
1 / 4
2 / 4
3 / 4
4 / 4
Қўлёзма 200 саҳифадан иборат бўлиб, унинг қоралама варианти ҳам бор. Чунки вароқларда ўчириш, тўлдириш ва тузатишлар борлиги кўринган. Ушбу китобларнинг асрлаб сақланишининг сири улар Марказий Осиёдаги энг сифатли ва қимматли бўлган Самарқанд қоғозидан тайёрланган.
“Қўлёзмалар орасида 100 йиллардан бери изланаётган Ҳофиз девони (форсий тош босма), “Чор китоб (тожик тилида)”, фиқҳ китоби, Ҳафти шуаро (Хива тош босмаси), диний китоб (ҳижрий 1340 йилга оид) кабилар топилди ва улар олимлар томонидан ўрганилмоқда. Мазкур қўлёзмаларни топилгани илмий-маданий ҳаётимиздаги катта янгилик бўлди”, - деди Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими.