ТОШКЕНТ, 11 окт - Sputnik. Россия президенти Владимир Путин 13 октябрь куни Қозоғистонда Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдоғон билан учрашади. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, президентлар Украина масаласи ва икки томонлама муносабатларни муҳокама қилади.
“Ҳа, аниқ! Ҳақиқатан ҳам учрашувга тайёргарлик кўрилмоқда, лекин эртага эмас, эртадан кейин. Албатта, мавзу аниқ – Украина ҳам, жуда кўп қиррали икки томонлама муносабатлар ҳам ва умуман, долзарб масалалар бўйича фикр алмашиш”, - деди Песков.
Маълумот учун, 14 октябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида олий даражадаги “Марказий Осиё – Россия” саммити ва МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтди. Учрашув Россия ва Марказий Осиёнинг барча бешта давлати ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилмоқда.
Аввалроқ, Россия ва Туркия раҳбарлари телефон орқали мулоқот қилган эди. Улар суҳбат чоғида Россия-Туркия муносабатларини ривожлантириш масалалари, шунингдек, Украинадаги вазиятни кўриб чиққанди.