Лавров Путин ва Байденнинг эҳтимолий учрашуви ҳақидаги саволга жавоб берди

Россия ташқи ишлар вазирининг айтишича, агар таклиф бўлса, Москва Путин ва Байден ўртасида учрашув ўтказиш имкониятини кўриб чиқади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. Россия G20 саммити арафасида АҚШ билан музокаралардан бош тортмайди, агар таклиф тушса, Москва буни кўриб чиқади, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
“Биз кўп марта айтамизки, биз ҳеч қачон учрашувларни рад этмаймиз, агар таклиф тушса, кўриб чиқамиз”, - деди Лавров “Россия 1” телеканалининг дастурида АҚШ президенти Жо Байден ва Россия етакчиси Владимир Путиннинг G20 саммитидаги эҳтимолий учрашуви ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
G20 саммити 15-16 ноябрь кунлари Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтади.
Август ойи ўрталарида Индонезия президенти Жоко Видодо “Bloomberg” агентлигига берган интервьюсида Путин ва Хитой раҳбари Си Цьзинпин G20 саммитига келишларини айтган эди.
Сентябрь ойи бошида Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путиннинг саммитдаги иштироки формати бўйича қарор “барча омиллар, жумладан, хавфсизлик омили”ни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинишини билдирган.
Маълумот учун, 2021 йил 16 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Россия-АҚШ саммити бўлиб ўтган эди. Ҳашаматли Ла Гранж қасрида икки давлат раҳбари Владимир Путин ва Жо Байден 3 соатдан ортиқ музокара олиб борганди.
Улар стратегик барқарорлик, киберхавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, Россия мухолифати раҳбари Алексей Навалний иши, Украина, Белорусия ва Афғонистондаги вазият, савдо алоқалари ва бошқаларни муҳокама қилганди.