Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Украинадаги можарони англосакслар бошқармоқда – Лавров

Россия ташқи ишлар вазири Москва ва Киев музокаралари AҚШ ва Лондоннинг бевосита буйруғи билан тўхтатилганини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. Россия ва Украина ўртасидаги Истанбулдаги музокара жараёни AҚШ ва Лондон томонидан тўхтатилди, Украинадаги можарони Зеленский режимини назорат қилувчи англосакслар бошқармоқда. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров таъкидлади.

“Биз Украина делегацияси билан музокаралар столига ўтирдик. Март ойининг охиригача вазиятни ўша ҳолатда украиналиклар таклиф қилган тамойиллар асосида ҳал қилиш бўйича ёндашув келишиб олинди ва улар бизга мос келди. Бу музокаралар AҚШ ва Лондоннинг бевосита буйруғи билан тўхтатилди. Умуман олганда, бу можарони Зеленский режимини тўлиқ назорат қилаётган англосакслар бошқармоқда, уларга поляклар ва Болтиқбўйи қўшилишга ҳаракат қилмоқда”, - деди Лавров.

Россия-Украина маслаҳатлашувлари февраль ойи охирида бошланди: делегациялар Беларусда иккита юзма-юз учрашув ўтказди, шундан сўнг уларни ҳар куни видеоконференцалоқа орқали давом эттиришга қарор қилинди. Март ойи охирида делегациялар Истанбулда навбатдаги музокараларни ўтказди. Натижада, музокаралардаги Россия делегацияси раҳбари, Россия президенти ёрдамчиси Владимир Мединский Украина бўлажак шартнома бўйича ёзма таклифларини киритганини, Москва буни олға қадам деб ҳисоблаётганини айтди.
Россия томони бунга жавобан Украина томон икки қадам ташлади. Биринчидан, Киев ва Чернигов йўналишларида ҳарбий ҳаракатларни сезиларли даражада камайтиришга қарор қилинди. Иккинчидан, Москва президент Владимир Путиннинг Владимир Зеленский билан учрашуви ташқи ишлар вазирлари томонидан шартноманинг парафланиши билан бир вақтда бўлиб ўтишини таклиф қилди.
Бироқ кейинроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина музокаралар жараёнини секинлаштириш мақсадида ўз таклифларидан воз кечиб, кўплаб провокациялар яратаётганини айтди.