ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. Ҳеч бир фуқаро ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маҳаллаларда тизимли муаммоларни ҳал қилиш бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Йиғилишда бошланган ислоҳотлар, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг барчаси инсон қадрини таъминлаш орқали аҳолини рози қилишга қаратилгани яна бир бор таъкидланди.
Жорий йилги дастурлар доирасида 4 100 та маҳаллани обод қилиш, боғча, мактаб, соғлиқни сақлаш, сув, электр, канализация билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишга бюджетдан қарийб 29 триллион сўм маблағ ажратилгани кўрсатиб ўтилди.
Бунинг натижасида 434 та маҳаллада ички йўллар таъмирланди, 672 та маҳаллага ичимлик суви тармоғи тортилгани ҳисобига, 1,5 миллион аҳоли илк бора тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Жорий йилда 2 мингдан ортиқ маҳаллага хизмат қиладиган 34 та янги мактаб ишга туширилди, 338 таси реконструкция қилиниб, 360 таси таъмирланди. Буларнинг ҳисобига 78 мингта янги ўқувчи ўринлари яратилди.
Жойларда 580 та трансформатор, 20 минг километр тармоқлар янгиланиб, 413 та маҳалладаги 1,5 миллион нафар аҳолининг электр таъминоти яхшиланди.
“Аҳолини рози қилиш бўйича ҳали олдимизда кўплаб вазифалар турибди” – президент.
Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ ҳудудларга ишчи гуруҳлар юборилиб, улар 9 370 та маҳалланинг ҳар бирига кириб, аҳолининг кайфиятини ўрганиб, уни қийнаётган муаммолар рўйхатини шакллантирди.
Аҳоли томонидан йўл, ичимлик суви, суғориш тизими, электр, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ 12 мингта масала ва таклиф кўтарилган.
“Барча ҳоким ва вазирлар эшитиб олсин. Президент сиёсати ва талаби шундай: ҳеч бир фуқаро ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак. Аҳоли кайфияти – ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси. Катта-кичик бўладими, аҳолимиз кўтарган ҳар бир муаммога ўз вақтида муносабат билдириш, уларни босқичма-босқич ҳал қилиш барча даражадаги раҳбарларнинг энг устувор вазифаси бўлиши шарт ва зарур”, - деди Шавкат Мирзиёев.