Электромобиллар учун инфратузилма яратганларга имтиёзлар берилади - Шавкат Мирзиёев

Маҳаллий электромобил хариди учун олинган кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилиши белгиланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 окт - Sputnik. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида электромобиллар тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда “Ўзавтосаноат” АЖ ушбу соҳада хорижий компаниялар билан эришилган келишувлар ва ўзлаштирилиши кутилаётган моделлар ҳақида ахборот берди. Шунинглек электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, қувватлаш станциялари тармоғини кенгайтириш, бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

– Электромобиллар кундалик ҳаётимизга жадал кириб боряпти. Импорт ошяпти. Нима учун? Чунки талаб бор. Бундай машиналарнинг харажати кам. Энг муҳими, одамларимиз шуни маъқул кўряпти. Шундай экан, халқимизга замонавий электромобиллар етказиб беришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, президент электромбилларнинг нархи арзон бўлиши кераклигига алоҳида эътибор қаратди. Бу эса бутловчи қисмларнинг маҳаллийлаштирилганлик даражасига боғлиқ.
Мисол учун, электромобил таннархининг 30 фоизини аккумулятор, 10 фоизини электр ўтказгичлар ташкил қилади. Юртимиз заминидаги литий, мис, графит каби хомашё захираларидан фойдаланиб, бундай қисмларни бемалол ўзимизда ишлаб чиқариш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, маҳаллий электромобил хариди учун олинган кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилиши белгиланди.

Электромобилларга хизмат кўрсатиш тармоғини кенгайтириш мақсадида келгуси икки йилда жойларда икки мингта қувватлаш станциялари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бу станцияларга ҳам ер, мулк ва фойда солиғидан имтиёз қўлланилади. Тадбиркорларга қувватлаш станциялари орқали электрни эркин нархда сотиш ҳуқуқи берилади.

Бу тармоққа ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш муҳимлиги ҳам таъкидланди. Турин политехника университетида электромобиллар бўйича илмий лаборатория ташкил этилиши, профессор-ўқитувчи ва мутахассислар Хитой, Германия, АҚШ, Корея каби давлатларга малака оширишга юборилиши айтилди.
Маълумот учун, бугунги кунда Тошкентда 20 та электробус ҳаракатланмоқда. Келгуси йилда Тошкентга яна 200 та, Самарқандга 100 та электробус олиб келиш режалаштирилган.
Дунёда ҳар 20 та электромобилга битта қувватлаш станцияси тўғри келади. Ўзбекистонда эса қувватлаш станциялари атиги 50 та ва улар асосан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган. Электромобилларга хизмат кўрсатишга иштисослашган марказлар йўқ.