ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Энди қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун кредитлар 150 миллион сўмгача гаровсиз берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 6 октябрь куни имзоланган 387-сон қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги корхоналарига ва маҳсулотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчи корхоналарга маблағлар ажратилади.
Бунда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун кредитлар 150 миллион сўмгача гаровсиз берилади. Шунингдек, кредитлар бўйича фоиз тўловлари йиллик 14 фоиз миқдорида белгиланиб, 6 ойгача имтиёзли давр билан 12 ой муддатгача ажратилади.
Ажратиладиган кредитларнинг 50 фоизигача бўлган қисми қарз олувчи талабига асосан нақд пулда тақдим этилади. Ажратиладиган кредитлар бўйича Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари гаров таъминоти сифатида қабул қилинади.
Қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчиларга ҳосилни хавф-хатардан суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
2022–2023 йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган майдонлар камида 300 минг гектарга етказилиши белгиланган.