ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Бошланган ҳафтада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг иш жадвалидан ҳам ички, ҳам ташқи сиёсий масалаларда қатор тадбир, учрашув ва ташрифлар ўрин олган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов бугун бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Асадовга кўра, 11 октябрь куни Мирзиёев мамлакатга ташриф билан келган Татарстон раҳбари Рустам Миннихановни қабул қилади. Унда ҳудудлараро ҳамкорликни янги мазмун ва аниқ лойиҳалар билан янада ривожлантириш ҳамда амалга оширилаётган ҳамкорликдаги қўшма дастурларни янада жадаллаштириш масалаларининг муҳокамаси кўзда тутилган.
Шунингдек, 12-14 октябрь кунлари Ўзбекистон етакчиси Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чоралари бўйича кенгаш йиғилиши, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ҳамда “Марказий Осиё – Россия” саммитида иштирок этиш учун Қозоғистонга ташриф буюради.
Ташриф кун тартибида хорижий давлатлар, шу жумладан, Вьетнам вице-президенти Во Тхи Ань Суан, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ва бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари ҳафта давомида Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ривожига бағишланаган қатор муҳокамаларни ўтказиши режалаштирилган.