ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябрь ойида Тошкентда Қозоғистонга қарши ўртоқлик ўйинини ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар қилди.
Маълум қилинишича, ноябрда пойтахтда йиғин ўтказилиши режалаштирилган. Бу йиғин доирасида Сречко Катанец шогирдлари Қозоғистон терма жамоасига қарши халқаро ўртоқлик ўйинида иштирок этади.
Учрашув 16 ноябрь куни соат 18:00 да "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
“Минтақамиздаги энг кучли терма жамоалар баҳси, ўзига хос дерби футбол мухлислари томонидан узоқ кутилган ва катта қизиқиш уйғотадиган воқеага айланиши шубҳасиз”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 23 сентябрь куни Камерунга, 27 сентябрь куни эса Коста-Рика қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушган эди. Камерунни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, Коста-Рикага эса 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйганди.