ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Боғбонлар Фарғона вилоятининг Қува туманида анорнинг данакcиз (уруғсиз) навини маҳаллийлаштириш ва кўпайтириш билан шуғулланишмоқда. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.
Таъкидланишича, тумандаги фермер хўжалигида парвариш қилинаётган данакcиз анор нави Ўзбекистоннинг тупроқ-иқлим шароитларига мослаштирилган учинчи авлод ҳисобланади. Ҳозирги кунда ҳар бир тупдан 50-100 килограммгача ҳосил олинмоқда.
Айни пайтда Қува туманида анорнинг 30 дан ортиқ нави парваришланмоқда. Етиштирилган ҳосилнинг ички эҳтиёждан ортган қисми бошқа давлатларга, жумладан, Россияга экспорт қилинмоқда.
Ўзбекистонда барча тоифадаги хўжаликларда жами 15,5 минг гектар анорзорлар мавжуд, шундан, 12,3 минг гектар — фермер ва қишлоқ хўжалиги корхонларида ва 3,2 минг гектар — деҳқон ва аҳоли томорқаларида.
Ҳосилли анорзорлар 6,4 минг гектар (3,6 минг гектар — фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида, 2,8 минг гектар — деҳқон ва аҳоли томорқаларида) ва янги анорзорлар 9,1 минг гектарни ташкил қилиб, уларнинг ўртача ҳосилдорлиги 160-170 центнерни ташкил этади.
Барча тоифадаги хўжаликларда 2021 йилда 81,9 минг тонна анор етиштирилган, 2022 йилда эса 109,1 минг тонна анор етиштириш режалаштирилмоқда. Ўсиш эса 33 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёнинг Шеробод туманида 5 октябрь куни биринчи республика анор фестивали бўлиб ўтди. Тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистон соҳа ривожини рағбатлантириш ва анор етиштирувчилар малакасини оширишдан иборат бўлди.