Трамп Украинадаги можарони якунлаш учун музокараларни бошлашга чақирди

АҚШнинг собиқ президентининг фикрича, музокаралар ўтказилмаса, можаро учинчи жаҳон урушини келтириб чиқариши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Украинадаги можарони якунлаш учун зудлик билан музокаралар бошлаш керак деб ҳисоблайди. Бу ҳақда сиёсатчи Невада штатида тарафдорлари олдида нутқ сўзлаётган пайтида маълум қилди.
“Бизда ҳозир Россия ва Украина ўртасида можаро бор. <...> Биз зудлик билан урушнинг тинч якунланиши борасида зудлик билан музокаралар ўтказишимиз керак ёки биз учинчи жаҳон урушига келамиз”, - деди Трамп.
4 октябрь куни Киев Москва билан музокаралардан расман бош тортди. Украина президенти Владимир Зеленский Украинанинг Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг Россия раҳбари Владимир Путин билан музокаралар ўтказишнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги қарорини амалга киритди.
Бу Россия президенти Владимир Путин 30 сентябрь куни Киевни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни бас қилиш ва музокаралар столига қайтишни чақирганидан кейин рўй берди. Россия ҳукумати можарони тинчлик йўли билан ҳал қилиш учун музокараларга тайёрлигини такрорлаб келади, Украина эса музокаралардан бош тортиб келмоқда.

Россия-Украина музокаралари

Россия-Украина музокаралари 28 февралда, уруш бошлаганидан тўрт кун ўтиб ўтказила бошлади. Беларусда бир нечта учрашувлар бўлиб ўтди, кейин музокарачилар видео алоқа орқали мулоқотни давом эттирди. 10 март куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган дипломатик форум доирасида Туркия Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулебанинг учрашувини ташкил қилди. 29 март куни эса Истанбулда юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича Россия делегацияси Украина томонидан ўрганиб чиқиладиган ва мамлакат раҳбариятига етказиладиган аниқ шаклланган позиция ва таклифларни олди.
Бироқ, кейинроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина музокаралар жараёнини секинлаштириш мақсадида ўз таклифларидан воз кечиб, кўплаб провокациялар яратаётганини айтди.
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украинада тинчлик Россия шартларида ўрнатилишини таъкидлаган эди.