ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Санкт-Петербургда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси томонидан халқаро кузатувчиларнинг референдумларда иштироки масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақида Олий Мажлис Сенати хабар берди.
МДҲ Демократик сайловлар стандартлари тўғрисидаги конвенцияси: халқаро ҳамкорлик учун очиқ майдон номли халқаро илмий-амалий конференция доирасида “Сайловларни кузатиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари, МДҲ ПAнинг Ҳуқуқий масалалар бўйича доимий комиссияси аъзоси Шуҳрат Чўллиев иштирок этди.
Сенатор МДҲ ПA халқаро кузатувчилар гуруҳи томонидан референдумлар ўтказилиши мониторинги мавзусида маъруза қилди.
Ш.Чўллиев МДҲ ПА референдумларни кузатиш бўйича катта тажрибага эга эканини, унинг халқаро кузатувчилари Ҳамдўстлик давлатлари ва МДҲга аъзо бўлмаган давлатларда ўтказилган 10 дан ортиқ референдумларни кузатишда иштирок этганини таъкидлаб ўтди.
Сенаторнинг сўзларига кўра, референдумлар ўтказилиши мониторинги кўп жиҳатдан сайловларни мониторинг қилиш жараёнига ўхшаш бўлса-да, улар орасида маълум фарқлар мавжуд.
Давра суҳбатида сайловни кузатиш институтини ривожлантириш амалиёти ва истиқболлари, жамоатчилик ва халқаро кузатувчилар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан таклифлар билдирилди.