ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ОПЕК+ нинг нефть қазиб олишни қисқартириш қарорини соғлом фикр ғалабаси деб атади.
“Мен бу бизнинг қандайдир ғалабамиз деб айтишга мойил эмасман. Бу соғлом фикр ғалабаси”, - деди у “Россия 1” телеканалига берган интервьюсида.
Песковнинг сўзларига кўра, бунда Россия президентининг 2019 йилда Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширган ташрифлари ҳам рол ўйнаган.
“Умуман олганда, президент ўзаро ҳурмат, фойдага асосланган муносабатларни йўлга қўйишнинг уддасидан чиқди. Албатта, бу энг долзарб масалаларни муҳокама қилишда ёрдам беради”, - дея таъкидлади Кремль вакили.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта ОПEК+ мамлакатлари ноябрь ойидан бошлаб нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 2 миллион баррелга қисқартиришга келишиб олишган эди.