ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Ўзбекистонда электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда тўловлар бекор қилиниши кутилмоқда. Адлия вазирлиги Ҳукуматнинг тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Ҳужжатга кўра, Адлия вазирлиги Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан бирга электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда қонунчилик ҳужжатлари билан ўрнатилган тўловларни бекор қилиш таклифини билдирмоқда.
Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоеванинг Sputnik мухбирига маълум қилишича, электр ва газ тармоқларидан аввал узиб қўйилган маиший истеъмолчиларни қайта улашда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида (600 минг сўм) тўлов ундирилган.
Юридик шахслардан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида (3 миллион сўм) тўлов ундирилади ва ушбу маблағлар уларни қайта улаган ташкилотнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.
“Электр ва газ тармоқларига улаш ва қайта улаш хизматлари маъмурий регламент билан тартибга солиниши ҳамда ушбу масалалар шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар ҳисобланишини инобатга олиб, бу нормани чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда”, - дейди Севара Ўринбоева.
Шунингдек, қарор лойиҳасида электр таъминоти корхонаси юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улашни ўз вақтида якунламаса, кечиктирилган ҳар бир кун учун бажариладиган жами ишлар қийматининг 20 фоиз миқдорида компенсация тўлаши белгиланмоқда.
Компенсацияни тўланиши электр таъминоти корхонасига тадбиркорнинг электрга улаш ишларини охирига етказмаслик ваколатини бермайди.
Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва газ таъминоти ташкилотининг мажбуриятлари қўйидагилар билан тўлдирилмоқда:
истеъмолчига ҳар йили 1 февраль кунига қадар йил давомида фойдаланилган газ ва электр энергияси ҳажми ва амалга оширилган тўловлар (ойлар кесимида) тўғрисида ахборотни бепул тақдим этиш;
истеъмолчиларнинг шахсига доир маълумотларини учинчи шахсларга ошкор этмаслик;
24 соат мобайнида туну кун ишлайдиган ягона “call-center” марказлар фаолиятини ташкил этиш;
Бундан ташқари, қарор лойиҳасида икки ой муддатда электр энергияси ва табиий газ етказиб беришни чеклаш ва тўхтатиш тартибини бузганлик учун энергия таъминоти ташкилотларига нисбатан маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.