ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Наманган вилояти Чуст туманида жойлашган “Бибиона” археологик ёдгорлиги ҳудуди очиқ осмон остидаги музейга айлантирилиши мумкин. Бу ҳақида Наманган вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Айтилишича, ҳудудда олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида “Бибиона” ёдгорлигининг маданий қатламлари ва қўлга киритилган моддий ашёларни илмий жиҳатдан таҳлил қилиш жараёнида даврлаштириш масаласи қайтадан комплекс ўрганишни тақозо этмоқда.
Бибиона археологик ёдгорлиги
© Наманган вилояти ҳокимлиги
“Ўрганилган қазув объектини келгусида янада кенгайтириш ва шу аснода очиқ осмон остидаги музейини ташкил этиш зарурати бор”, дейди Ахсикент маданий мерос ёдгорлигини сақлаш ва тадқиқ қилиш дирекцияси илмий ходими, Шукрулло Насриддинов.
Қадимшуноснинг сўзларига кўра, ёдгорликда палеозоологик ва палеоботаник тадқиқотларни замонавий услублар орқали олиб бориш лозим. Чунки, олиб борилган тадқиқотлар натижасида маданий қатламлардан кўплаб ҳайвон суяклари ва ўсимлик қолдиқлари топилмоқда.
Бибиона археологик ёдгорлиги
© Наманган вилояти ҳокимлиги
Чуст маданиятининг кашф этилганига 50 йилдан ортиқ вақт ўтишига қарамай, ҳали ҳам ушбу маданият аҳолисига тегишли махсус қабристонлар очилмаган.
“Ёдгорликда замонавий технологиялар асосида тадқиқот ишларини давом эттириш, яъни Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Юқори технологиялар лабораторияси” асосида ёдгорликни сканер қилиш, планиографик ва стратиграфик қазишма ишларини олиб бориш керак”, дейди у.
Қайд этилишича, “Бибиона” археологик ёдгорлигини муҳофаза чегарасини аниқлаштириш ва объектни турли ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш ҳам куннинг долзарб масаласи ҳисобланади.
Маълумот учун, Чуст шаҳрининг ёши тўғрисида бир қанча тахминлар мавжуд. Масалан, Бибиона манзилгоҳида 1953, 1957, 1959, 1961 йилларда олиб борилган археологик қазилма ишлари натижасида бу ердаги маданият сўнгги бронза ва илк темир даврига мансублиги маълум бўлган.