Амир Темур ҳақида ўзбек тилидаги энг эски қўлёзма аниқланди

Душанбедан топилган бу ноёб қўлёзманинг нусхасини Ўзбекистонга келтириб, таниқли тарихчи ва манбашунос олимларимиз ёрдамида чуқур тадқиқ этиш режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Буюк соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўзбек тилида битилган энг эски қўлёзма аниқланди. Бу ҳақида Республика маънавият ва маърифат маркази хабар берди.
Навоийшунос олим Бадриддин Мақсудовнинг айтишича, китобни Амир Темур ҳақида ёзилган ва шу пайтга қадар етиб келган туркий қўлёзмаларнинг ҳозирча энг қадимийси дейиш мумкин.
Айни пайтга қадар Амир Темур ҳақида битилган туркий асарларнинг энг қадимийси 1713 йилда яратилган.
Китобнинг хотимасида қўлёзма ҳижрий 1027 йил ражаб ойи санаси қайд этилган. Бу 1618 йилнинг июнь-июль ойларига тўғри келади. Бу асарнинг кўчирилган санаси эканлиги ва асар ундан ҳам аввал ёзилган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Унда асарнинг ёши янада "улғаяди".
Эски қўлёзма
Ҳозирча қўлёзма кимнинг қаламига мансуб экани, ким томонидан, қаерда кўчирилгани маълум эмас.
Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқовнинг айтишича, Душанбедан топилган бу ноёб қўлёзманинг нусхасини Ўзбекистонга келтириб, таниқли тарихчи ва манбашунос олимларимиз ёрдамида чуқур тадқиқ этиш режалаштирилган.