ТОШКЕНТ, 8 окт — Sputnik. Республиканинг илмий ва таълим ташкилотлари ҳамда Ядровий тадқиқотлар Бирлашган институти ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Бу ҳақида Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.
Фанлар академиясида ЯТБИ ва Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Наманган муҳандислик-технологиялари институтлари ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Ядровий тадқиқотлар Бирлашган институти
© Ўзбекистон Фанлар академияси
Бундан кўзланган мақсад, юқори малакали илмий, муҳандис кадрлар тайёрлашга қаратилган қўшма лойиҳалар, халқаро илмий форумлар ва таълим дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Шунингдек, ЯТБИ делегацияси ташрифи доирасида Ядро физикаси институтида “Булутли ҳисоблашлар кластери”ни очиш ва ишга тушириш маросими ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, Ядровий тадқиқотлар Бирлашган институти (ЯТБИ) Дубна шаҳрида жойлашаган халқаро тадқиқот марказидир. Институт 1956 йил 26 мартдан давлатлараро “ЯТБИни ташкил этиш тўғрисидаги шартнома” асосида ташкил этилган.
ЯТБИ халқаро стандартларига мувофиқ, БМТ Котибиятида рўйхатдан ўтган. Ҳозирги вақтда Европа, Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг 19 та давлати ЯТБИ доимий аъзолари ҳисобланади. Ўзбекистон 1993 йилда бери ЯТБИнинг тўлақонли аъзосига айланган.