ЖССТ етти тилда тиббий маслаҳат берувчи электрон шифокорни тақдим этди

Қатар давлатида бўлиб ўтган халқаро саммитда сунъий интеллект асосида ишловчи кўп функцияли тиббий платформа тақдимоти ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 окт — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти етти тилда тиббий маслаҳат берувчи “электрон шифокор”ни тақдим этди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Ташкилот Қатар давлатида бўлиб ўтган халқаро саммитда сунъий интеллект асосида ишловчи кўп функцияли тиббий платформа тақдимотини ўтказди.
“Флоранс 2.0” деб номланган инновацион тизим электрон шифокор вазифасини ўтайди.
У етти тилда тиббий маслаҳатлар беради:
Одамларга стрессдан чиқиш;
Тўғри овқатланиш;
Жисмоний фаоллик;
Тамаки ва электрон сигарета чекишни ташлаш;
COVID-19га қарши кураш ва вакциналардан самарали фойдаланиш.
Айтилишича, “Флоранс 2.0” технологияси соғлом турмуш тарзининг беминнат тарғиботчиси бўлади.
Халқаро мутахассислар фикрича, келгусида бу каби электрон платформаларнинг янада такомиллашган версияларидан электрон тиббиётда кенг фойдаланилиши кўплаб хавфли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, дунёда ҳар 8 кишидан 1 нафари руҳий тушкунликдан азият чекиб яшайди. Қолаверса, йилига 16 миллион нафар одам чекиш ва тўйиб овқатланмаслик оқибатида ҳаётдан кўз юмади.
Жисмоний ҳаракатизлик туфайли келиб чиқадиган хасталиклар тахминан 830 минг кишининг ўлимига сабаб бўлади.