ТОШКЕНТ, 8 окт — Sputnik. Сенатнинг ўттиз учинчи мажлисида Географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонунда географик объектларга ном беришда маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш белгиланган.
Бироқ, амалдаги қонунчиликда аҳолининг фикрини ҳисобга олиш тартиби очиб берилмаган. Шунингдек, аҳоли пунктларининг таркибий қисмларига (маҳаллалар, шоҳкўчалар, кўчалар, майдонлар, боғлар, хиёбонларга) Ўзбекистон ва жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг исми-шарифини бериш тартиби аниқ белгиланмаган.
Географик объектларга шахсларнинг номини беришда эса уларни танлашда талаблар мавжуд эмас. Ушбу ҳолатлар географик объектларнинг номлари қайта-қайта ўзгартирилишига сабаб бўлмоқда.
Қонун 4 та моддадан иборат бўлиб, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонуннинг 6 та моддасига ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган шахслар, шу жумладан, жамоат ва давлат арбобларининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида уларнинг номини географик объектларга беришда келиб чиқаётган турли муаммолар бартараф этилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.