ТОШКЕНТ, 8 окт — Sputnik. Денов ва Урганч дзюдо спорт мактаблари ташкил этилади. Бу ҳаққида Ҳукумат томонидан қабул қилинган 580-сонли қарорда назарда тутилган.
Қарорга кўра, республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиш учун спорт захирасини терма жамоалар таркибига тайёрлаш, Денов ва Урганч дзюдо спорт мактабларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Дзюдо мактаблари ўқувчиларининг умумий контингенти ўқувчиларнинг вазн тоифалари ва синфларини ҳисобга олган ҳолда 210 нафардан кўп бўлмаган ўқувчидан иборат этиб шакллантирилади.
Дзюдо мактабларига синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган ўқувчилар 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили 5-синфга қабул қилинади.
2022/2023 ўқув йилига қадар Дзюдо мактабларида бошқа спорт турлари бўйича таҳсил олаётган ўқувчилар ушбу мактабларни тўлиқ тамомлагунга қадар ўқитилиши таъминланади.
Дзюдо мактаблари ўқувчиларининг умумтаълим фанларидан таълим олиши мазкур Дзюдо мактабларида ташкил этилади.