Таниқли хонанда Даврон Ғойипов 61 ёшида вафот этди

1980 йилда Даврон Ғойипов бошчилигида Ўзбекистондаги илк рок гуруҳи - "Оригинал" тузилган. 1980 йиллар бошларида ижро этилган "Бу нима бу?" қўшиғи гуруҳга катта машҳурлик олиб келган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Бугун Ўзбекистонлик таниқли рок-поп юлдузи Даврон Ғойипов хасталик сабаб 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда суҳандон Толибжон Исроилов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Мамлакат яна бир маҳоратли афсонасидан айрилди. Бугун, ўз туғилган кунида рок-поп юлдузи оламдан ўтди. 61 ёш, бироз вақтли эди-да. Аллоҳ билгувчи! Ҳозиргина жияни билан гаплашдим, жаноза ва дафн Хоразмда бўлар экан?”, - дея ёзиб қолдирди Толибжон Исроилов.
Даврон Ғойипов 1978 йилда у “Ялла” гуруҳига бас гитарачи сифатида таклиф қилинган. 1980 йилда у бошчилигида Ўзбекистондаги илк рок гуруҳи – “Оригинал” тузилган.
1980 йиллар бошларида ижро этилган “Бу нима бу?” қўшиғи гуруҳга катта машҳурлик олиб келган. Қўшиқ асосида кейинроқ фильм ишланган ва бош ролни Даврон Ғойипов ижро этган.
Бундан ташқари “Қайдасан”, “Керак эмас шаҳло кўзларинг”, “Открытое окно” каби қўшиқлар ҳам мухлислар кўнгилларидан жой олган.