Россия ва Ўзбекистон биродарлик муносабатларини сақлаб қолган – Валерий Фадеев

Ўзбекистонга ташрифи чоғида Россия Инсон ҳуқуқлари кенгаши раиси Самарқандда бўлиб ўтган “Инсон ва замонавий дунё қадриятлари” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. СССР парчаланганидан сўнг Россия ва Ўзбекистон халқлар ўртасидаги биродарлик муносабатларини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Бу ҳақида Россия Федерацияси президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев маълум қилди.
Фадеев 3-6 октябрь кунлари Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлди.
“Россотрудничество”нинг республикадаги ваколатхонаси хабарига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раҳбари Тошкентдаги маҳаллий ватандошлар ташкилотлари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди.
Айтилишича, Фадеев Тошкент шаҳрида туғилган ва бу ерда бошланғич мактабда таълим олган.
“Синфимизда ўн икки миллат бор эди, ҳаммамиз бир-биримиздан фарқ қилар эдик, лекин бизда бир хислат, бир туйғу бор эди, бу биродарлик. Мамлакатнинг қулаши билан одамлар ўртасидаги муносабатлар, янги давлатлар ўртасидаги муносабатлар ўзгарди. Аммо Россия ва Ўзбекистон муносабатларида, бахтимизга, бизнинг болаларча туйғумиз сақланиб қолди”, дейди Фадеев.
Фадеев Ўзбекистонга ташрифи чоғида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Инсон ва замонавий дунё қадриятлари” халқаро конференциясида ҳам иштирок этди.