Пасха оролидаги тош бутлар ёнғиндан зарар кўрди

Рапа Нуи миллий боғидаги ёнғин деярли 60 гектар майдонни йўқ қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik.Тинч океанидаги Пасха оролида содир бўлган ўрмон ёнғинлари туфайли машҳур тош монолит ҳайкаллар - моаи зарар кўрди. Бу ҳақида “РИА Новости” мамлакат ёдгорликлар миллий кенгашига (CMN) таяниб хабар берди.
Рапа Нуи миллий боғининг Рано-Рараку вулқони яқинида содир бўлган ёнғин деярли 60 гектар майдонни вайрон қилган.
Ёнғин 4 октябрь куни бошланган ва фақат 24 соатдан кейин назорат остига олинган. Бу вақт ичида ёнғин кўплаб моайлар жойлашган ҳудудни қамраб олишга муваффақ бўлди.
"Ҳозирча зарарланган ҳайкалларнинг аниқ сонини айтишнинг имкони йўқ, чунки ёнғиндан зарар кўрган моаи ва бошқа объектларнинг аниқ сонини аниқлаш учун мутахассислар гуруҳлари рўйхатга олиш ва диагностика ишларини давом эттирмоқда", дейилади хабарда.
Бошқарма, шунингдек, моаи ясалган тошнинг таркиби юқори ҳароратга таъсир қилишини қайт этди. Шунга кўра, ёнғин натижасида ҳайкалларда ёриқлар пайдо бўлиб, уларнинг яхлитлигини бузади.
Маълумот учун, Рапа-Нуида 386 та моаи бор, улардан 265 таси вулқон ташқарисида ва 121 таси кратернинг ички ён бағирларида жойлашган.
Тинч океанидаги Пасха ороли дунёдаги энг чекка аҳоли яшайдиган орол ҳисобланади. У Чилининг континентал қирғоқларидан 3514 километр, Питкерн оролидан энг яқин аҳоли яшайдиган жой - 2075 километр узоқликда жойлашган.
У орол бўйлаб ўрнатилган моаи - тош ҳайкаллари билан машҳур. Рапа Нуи ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.