Марказий банк иккита тижорат банклар лицензиясини бекор қилди

Аҳолининг банклардаги омонатлари 2 ойдан сўнг тўлиқ қайтарилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Марказий банк “HI-TECH BANK” ва “Туркистон” хусусий акциядорлик тижорат банкидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олди.
Айтилишича, Туркистонбанк активлар ҳажми бўйича республика банк тизимида 26-ўринни, Hi-tech bank эса 29-ўринни эгаллаган.
Ҳар икки банк томонидан "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонуннинг 54 ва 77-моддаларида белгиланган қуйидаги қоидабузарликлар содир этилган:
банк активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарлича захиранинг мавжуд эмаслиги;
регулятив капиталининг эллик фоизидан ортиқ миқдорда зарар кўрганлигини;
банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги;
бухгалтерия ҳисобининг ҳисоботга оид маълумотлар бузилишига олиб келадиган ва банкнинг ҳақиқий молиявий аҳволини акс эттириш имконини бермайдиган қоидабузарликлар билан юритилганлиги;
банк фаолиятидаги қўпол қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги Марказий банк кўрсатмаларининг белгиланган муддатда бажарилмаганлиги;
жиддий қоидабузарлик учун Марказий банк томонидан жарима қўлланилганидан кейин ҳудди шундай қоидабузарликни такроран содир этилганлиги сабабли “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғисида”ги Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ Марказий банк бошқаруви ушбу қарорни қабул қилди.

“Аҳолининг банклардаги омонатлари Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан тўлиқ кафолатланганлиги муносабати билан омонатчиларнинг барча маблағлари, биринчи навбатда, 2 ойдан сўнг тўлиқ қайтарилади”, дейилади хабарда.

Ҳозирда Марказий банкда "Туркистонбанк" ва Hi-tech bank`ни тугатиш комиссияси таркиби тайинланди ва "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонунга асосан банк ишларини бошқариш бўйича, шу жумладан, банк акциядорларининг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва бошқаруви ваколатлари ушбу комиссияга ўтди.