ТАШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Бугун Самарқандда Халқаро гастрономик фестиваль бошланди. У эртага ҳам давом этади. Фестивалга ташриф буюрганлар мазали таомлар ва байрам томошаларидан баҳраманд бўлиши мумкин. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Мамлакатнинг гастрономик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, гастрономик туризм йўналишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий пазандалик анъаналарини оммалаштириш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида ташкил этилган тадбир 7-8 октябрь кунлари давом этади”, - дейилади Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабарида.
Мусобақада хорижий давлатлар ва Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир вилоятидан келган ошпазлар жамоалари, хорижий мамлакатлардан келган сайёҳларга хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш корхоналари ошпазлари иштирок этади.
Фестиваль якунига қадар ҳакамлар ҳайъати тайёрланган таомларга баҳо беради ва ғолиб ошпазлар аниқланади.
Гастрономик фестиваль Самарқанд шаҳрининг Ислом каримов кўчасида бўлиб ўтмоқда, унда иштирок этиш бепул.