Тошкентда собиқ Астрономия боғи ўрнида замонавий гул боғи барпо этилади

Юнусобод туманидаги 6 гектар ер майдонида жойлашган собиқ Астрономия парки ўрнида ташаббускор тадбиркорларни жалб қилган ҳолда замонавий гул боғини ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Тошкентнинг Юнусобод туманидаги собиқ Астрономия ва аэронавтика боғи ўрнида замонавий гул боғи барпо этилади. Пойтахт ҳокимлиги тегишли қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
6 гектар ер майдондаги замонавий гул боғини ташаббускор тадбиркорларни жалб қилган ҳолда ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун очиқ танлов ўтказилади.
Гул боғи ҳудуди ғолибга гул боғини барпо этиш ва сақлаш мажбуриятларини ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириш шартларида 30 йил муддатга ижарага берилади.
Ижара шартномаси муддати тугаганидан тадбиркор гул боғи объектини давлат шеригига беғараз асосда топширади.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 31 августдаги тегишли қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида аттракционлардан ҳоли бўлган кичик истироҳат боғларини барпо этиш белгиланган.