Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади

Учрашув Константин саройида бўлиб ўтади. Россия раҳбари матбуот котиби бу учрашув келаси ҳафта бўлиб ўтадиган МДҲ саммити арафасидаги муҳим тадбир эканини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. 7 октябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Эртага президент (Россия президенти Владимир Путин – таҳр.) Санкт-Петербургда ишлайди.... Қатор халқаро телефон суҳбатлари режалаштирилган. Шунингдек, кун ўртасида президентнинг МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари билан норасмий учрашуви режалаштирилган ”, - деди Песков. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Россия раҳбари матбуот котибининг сўзларига кўра, учрашув Константин саройида бўлиб ўтади ва бу учрашув келаси ҳафта бўлиб ўтадиган МДҲ саммити арафасидаги муҳим тадбир.
МДҲ давлатлари раҳбарларининг охирги норасмий учрашуви ўтган йил декабрь охирида бўлиб ўтган эди. У Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан Санкт-Петербургда ўтказилган эди.
Учрашувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам иштирок этишганди.