ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Жаҳон пахта тадқиқотлари конференцияси 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказилади. Бу ҳақида Мисрнинг Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон пахта тадқиқотлари конференциясида маълум қилинди.
Бугун Қоҳирада бўлиб ўтган Жаҳон пахта тадқиқотлари конференциясида Инновацион ривожланиш вазири иштирок этди.
“Мазкур конференция пахта бўйича тадқиқотлар олиб борувчи бутун дунёдаги олимлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, тадқиқотлар бўйича маълумотлар алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Бунда пахта етиштириш бўйича мавжуд ва юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг ечимлари изланади, пахта саноати барқарор ривожланишига қаратилган тадқиқотларнинг синергияси таъминланади.
Маълумот учун, Жаҳон пахта тадқиқотлари конференцияси (World Cotton Research Conference - WCRC) пахта етиштирувчи мамлакатларидан бирида ҳар тўрт йилда бир ўтказилади.
Ушбу конференция шу пайтгача Австралия, (1994), Греция (1998), Жанубий Африка (2003), АҚШ (2007), Ҳиндистон (2011) Бразилияда (2016) ва жорий йилда Мисрда ўтказилди.