Тоқаев бўлажак сайловларда қайси сиёсий куч томонидан иштирок этишини айтди

Қозоғистон президенти бўлажак сайловларда қайси ташкилотдан номзодини қўйиши масаласи жамиятда алоҳида қизиқиш уйғотаётганини айтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 20 ноябрга белгиланган навбатдан ташқари президентлик сайловларига бирон бир ташкилотдан эмас, балки кенг ижтимоий-сиёсий кучлар коалициясидан қатнашишни тўғри деб ҳисоблайди.
“Ўйлайманки, мен сайловга қандайдир аниқ ташкилотдан эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий асосини ташкил этувчи ижтимоий-сиёсий кучларнинг кенг коалициясидан қатнашсам, тўғри бўлади”, дейди Тоқаев.
Қозоғистон президенти бўлажак сайловларда қайси ташкилотдан номзодини қўйиши масаласи жамиятда алоҳида қизиқиш уйғотаётганини кўришини тушунтирди.
“Очиғини айтаман: менга турли республика бирлашмалари ва партияларидан уларга номзод бўлиш таклифи тушмоқда. Aйниқса, ёшлар ва бошқа жамоат ташкилотлари ташаббус кўрсатаётгани мени қувонтирди. Уч ярим йил давомида амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган ўзгаришлар учун барчага таклифлар, ишонч ва стратегик йўналишни фаол қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирмоқчиман”, дейди Тоқаев.
У мамлакатдаги энг йирик “Aманат” партияси раиси лавозимини тарк этганини эслаган.
Унинг сўзларига кўра, президентлик сайлови эълон қилинганидан кейин тайёргарлик кўриш учун етарлича вақт ўтган.
“Бугун биз сайловолди ташвиқоти тобора кучайиб бораётганини кўрмоқдамиз. Номзодлар кўрсатилмоқда, партиялар ва ижтимоий ҳаракатлар фаоллашмоқда. Ички сиёсий майдонда жонланиш кузатилмоқда. Биз барча асосий сиёсий институтларнинг қайта ишга тушишини таъминлайдиган янги сайлов циклига кирдик”, деди Тоқаев.