Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлиси 7 октябрь куни чақирилади

Сенаторлар стандартлаштириш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш каби қонунларни кўриб чиқишади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлиси 7 октябрь куни чақирилади.
Ялпи мажлисда қуйидаги қонунлар кўриб чиқилади:
“Стандартлаштириш тўғрисида”ги;
“Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги;
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги.
Ялпи мажлисда географик объектларнинг номлари, пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонунларни муҳокама қилиш ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, сенаторлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижаларини муҳокама қилишади.
Ялпи мажлисда Фарғона вилояти ҳокимининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи ҳам эшитилади.
Сенаторлар Вазирлар Маҳкамасига юборилган иккита парламент сўрови натижаларини ҳам муҳокама қилишади:
Иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳаларида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси;
Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати.
Ялпи мажлис кун тартиби доирасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш назарда тутилган.