Самарқандда Халқаро гастрономик фестивал бўлиб ўтади

Фестивалга ташриф буюрганлар мазали таомлар ва байрам томошаларидан баҳраманд бўлишади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Самарқандда 7–8 октябрь кунлари Халқаро гастрономик фестивал бўлиб ўтади. Бу ҳақида Туризм ва маданий мерос агентлиги хабар берди.
Фестивалдан кўзланган мақсад мамлакатнинг гастрономик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, гастрономик туризм йўналишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий пазандалик анъаналарини оммалаштириш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтиришдан иборат.
Мусобақада хорижий давлатлар ва Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидан келган ошпазлар жамоалари, хорижий мамлакатлардан келган сайёҳларга хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш корхоналари ошпазлари иштирок этади.
Фестиваль якунига қадар ҳакамлар ҳайъати тайёрланган таомларга баҳо беради ва ғолиб ошпазлар аниқланади.