ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Россия билан музокаралардан бош тортиш қарори нотўғри позиция ва қораланиши керак. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин маълум қилди.
“Ўйлайманки, мутлақо нотўғри, қораланиши керак бўлган позиция, чунки биз музокараларга тайёрлигимизни айтганмиз. Музокаралар бўлганди, охиргиси Истанбулда бўлиб ўтди”, - деди Вершинин РИА Новости билан суҳбатда.
Дипломат музокаралар Киев айби билан тўхтаб қолганига эътибор қаратди.
4 октябрь куни Киев Москва билан музокаралардан расман бош тортди. Зеленский Украинанинг Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг Россия раҳбари Владимир Путин билан музокаралар ўтказишнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги қарорини амалга киритди.
Бу Россия президенти Владимир Путин 30 сентябрь куни Киевни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни бас қилиш ва музокаралар столига қайтишни чақирганидан кейин рўй берди.
Россия-Украина музокаралари
Россия-Украина музокаралари 28 февралда, уруш бошлаганидан тўрт кун ўтиб ўтказила бошлади. Беларусда бир нечта учрашувлар бўлиб ўтди, кейин музокарачилар видео алоқа орқали мулоқотни давом эттирди. 10 март куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган дипломатик форум доирасида Туркия Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулебанинг учрашувини ташкил қилди. 29 март куни эса Истанбулда юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича Россия делегацияси Украина томонидан ўрганиб чиқиладиган ва мамлакат раҳбариятига етказиладиган аниқ шаклланган позиция ва таклифларни олди..
Бироқ, кейинроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина музокаралар жараёнини секинлаштириш мақсадида ўз таклифларидан воз кечиб, кўплаб провокациялар яратаётганини айтди.
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украинада тинчлик Россия шартларида ўрнатилишини таъкидлаган эди.