Ўзбекистонда Ўрта Осиё реставраторлари қурултойи ўтказилиши мумкин

Самарқандда илк бор "Ўзбекистонда реставрация санъатини қайта тиклаш маданий мерос ва маданий ёдгорликларни асрашга доир долзарб масалалар" мавзусида реставраторлар семинари ўтказилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Ўзбекистонда яқин вақтлар ичида Ўрта Осиё реставраторлари қурултойи ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақида Самарқандда бўлиб ўтаётган реставраторлар иштирокидаги семинарда маълум қилинди.
Самарқандда 5-6 октябрь кунлари илк бор "Ўзбекистонда реставрация санъатини қайта тиклаш маданий мерос ва маданий ёдгорликларни асрашга доир долзарб масалалар" мавзусида реставраторлар семинари ўтказилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон халқининг бой тарихи ва маданиятини акс эттирувчи ноёб ва нодир маданий меросини асраб-авайлашни кучайтириш, соҳани рақамлаштириш, инновацион ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини самарали қўллаш чоралари кўриб чиқилади.
Айтилишича, семинар орқали соҳадаги келгуси 10 йиллик мақсад ва вазифаларни белгилаб олинади.
Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ўз сўзида яқин вақтлар ичида Ўрта Осиё реставраторлари қурултойини ташкил этишни таклиф қилди.

“Бугунги кунда республикада 400 дан ортиқ уста-реставраторлар бор. Маданий мерос объектларини таъмирлаш ва тиклаш ишларига ўз ишининг усталарини, айнан ўзбек меъморчилиги йўналишдаги мутахассисларни жалб этиш муҳим аҳамиятга эга”,- дейилади хабарда.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги "Маданий мерос объектлари дирекцияси" давлат муассасасининг "Бухоро", "Шаҳрисабз", "Самарқанд", "Термиз", "Қўқон", "Хива" минтақавий реставрация марказлари ташкил этилмоқда. Эндиликда ҳар бир маданий мерос объектларининг реставрация ва консервасия ишлари ушбу мактабнинг илмий хулосалари асосида амалга оширилади.
Маълумот учун, мамлакатда ҳозирги кунга қадар 8 минг 210 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган. Сўнгги уч йилда 250 дан ортиқ маданий мерос объектлари реставрация ва консервация қилиниб, уларга давлат бюджетидан 339 млрд сўм маблағ сарфланган.