ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Ўзбекистонда оилаларнинг бахтлилик индикатори ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Оила ва хотин-қизлар" илмий-тадқиқот институти ахборот хизмати раҳбари Манижа Баҳриева маълум қилди.
Оилаларнинг бахтлилик даражасини аниқлаш орқали улар билан якка тартибда ишлаш, низоли вазиятларни эрта аниқлаш ҳамда якка тартибли ёндашувни тизимли йўлга қўйиш мақсадида халқаро бахтлилик индикаторларини ўрганиш ҳамда оилаларнинг бахтлилик индикаторини ишлаб чиқиш Миллий дастурда назарда тутилган.
Таъкидланишича, шакллантиришда ишчи гуруҳ халқаро бахтлилик индикаторлари ҳамда Буюк Британия, Франция, Хитой, Бутан, Индонезия, Малайзияда жорий қилинган индекслар таҳлил қилган. Таҳлил ва ўрганишлар натижасида оилаларнинг бахтлилик индикаторлари аниқланган.
Бунда ўзбек миллатининг характери ва турмуш даражасидан келиб чиқиб субъектив ва объектив бахт кўрсаткичлари инобатга олинди.
Баҳриеванинг сўзларига кўра, индикаторларни оилаларнинг бахтлилик даражасини аниқлашда муҳимлиги ва амалиётда самарадорлигини аниқлаш мақсадида Фарғона вилоятида тажриба синов ўтказилган.
Барча таҳлил ва тажриба синов натижалари асосида оилаларнинг бахтлилик даражасини белгиловчи индикаторларни жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрланган ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.