Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

ЗАЭС бош директори Украина хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилганини тан олди

Запорожье AЭС бош директори станциядаги ишларнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида маълумотларни Украина хавфсизлик ходимига тақдим этиб келган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Запорожье Aтом электр станцияси (АЭС) бош директори Игорь Мурашов станцияда содир бўлаётган воқеалар ҳақида Киевга маълумот бериб келганини тан олди. Бу ҳақда у “Россия 24” телеканалига маълум қилди.

“Мен Украина хавфсизлик хизмати ходими билан мессенжерлар орқали мулоқот қилардим, мулоқотнинг моҳияти шундан иборат бўлардики, мен AЭСдаги ишларнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида маълумот бериб турардим”, - деди Мурашов.

Хабарда айтилишича, ЗАЭС бош директори “Россия Федерацияси ҳокимиятини обрўсизлантиришга қаратилган фаолиятни амалга оширганлик”да айбланиб, Украина назорати остидаги ҳудудга чиқариб юборилган.
Шунингдек, у станцияни ўққа тутиш оқибатларидан хабардорлигини ҳам тан олган.

“Бу зарарларнинг барчаси фавқулодда вазиятларга олиб келиши мумкин, катта эҳтимол билан ўққа тутилиш Днепр томондан, Украина томондан - Никополь ва Марганец шаҳарларидан амалга оширилган. Aтом электр станцияси ходимлари хавф остида эди ва ҳозир ҳам шундай бўлиб қолмоқда”, - деди Мурашов.

Запорожье АЭС Днепрнинг чап қирғоғида, Энергодар ёнида жойлашган. Бу блоклар сони бўйича энг катта ва Европадаги энг кучли атом электр станциясидир. Март ойидан бери АЭС россиялик ҳарбийлар томонидан қўриқланади. Россия ТИВ маълумотларига кўра, бу ядровий ва радиоактив материалларнинг сизиб чиқишининг олдини олиш учун зарур. Украина ҳарбийлари Энергодар, унинг атрофидаги қишлоқлар ва шаҳарга туташ Запорожье АЭС ҳудудини мунтазам равишда ўққа тутишда давом этмоқда.