ХТВ дарсликлар бўйича ўқитувчиларга мурожаат билан чиқди

Вазирликка кўра, Президент администрацияси бошчилигида мактаб дарсликларини тўлиқ текширувдан ўтказиш бошланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 04 окт — Sputnik. Ўзбекистон Президенти администрацияси қошидаги ишчи гуруҳ таълим сифатини ошириш, замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш ишларини бошлади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда биринчи синфдан то иккинчи синфгача бўлган барча ўқув маҳсулотлари апробация учун танлаб олинган.
“Ҳурматли бошланғич синф ўқитувчилари! Агарда сиз ушбу апробация ишларида қатнашиш истагида бўлсангиз talim2023.uz веб-сайти ёки @talim2023_bot телеграм боти орқали рўйхатдан ўтиб, ўзингиз ҳақингизда маълумот қолдиришингиз мумкин. Биз албатта сиз билан боғланамиз ва сизни ишчи гуруҳимизга таклиф қиламиз”, - дейилади хабарда.
Аввалроқ, Президент администрацияси, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ва яна бир қатор ташкилотларнинг масъул вакилларидан иборат катта ишчи гуруҳ тузилгани айтилган эди.