ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини имтиёзли асосда сотиб олиш учун платформа ишга туширилди. Бу ҳақида Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 1 октябрдан вазирлик ҳузуридаги Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг рақамли онлайн платформаси иш бошлади.
Истеъмолчилар ушбу платформадан фойдаланган ҳолда мамлакатда ишлаб чиқарилган қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини 3 йилгача фоизсиз бўлиб бўлиб тўлаш шарти билан харид қилишлари мумкин.
Қайта тикланувчи энергия қурилмалари нархини тўлиқ тўлаган истеъмолчини харид қилган харажатларининг бир қисми Жамғарма ҳисобидан қопланади.
Аҳоли товар ва ишлаб чиқарувчини танлаш ҳуқуқи билан онлайн платформа орқали рўйхатдан ўтиши ва харид қилиш учун ариза топшириши мумкин.
Ҳозирда платформа тест режимида ишламоқда. Ишлаб чиқарувчи компанияларнинг таклифларини тўлдириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев “Энергия тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаганди.
Унга кўра, мазкур мақсадлар учун 2022 йил якунига қадар давлат бюджетидан жамғармага 100 млрд сўм йўналтириш топширилган. Компенсация миқдори қурилманинг қувватидан келиб чиққан ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 5 бараваридан 50 бараварини ташкил этади.