Ўзбекистонда COVID-19ни зарарсизлантирувчи иммун сути ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Иммун сутини олиш устидаги тадқиқотлар қандай олиб борилгани ҳақида бизнинг материалимизда батафсил ўқишингиз мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Ўзбекистонда COVID-19ни зарарсизлантириш хусусиятига эга иммунитетли сутдан қатор маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузованинг Sputnik мухбирига маълум қилишича, вазирлик Қорақалпоғистондаги “PanaevFarms” чорвачилик корхонасида коронавирусга қарши фаол нейтралловчи иммун сути пастеризацияланган сут ҳолида кичик ҳажмда ишлаб чиқариш лойиҳасини молиялаштиришни тасдиқлаган.
Бунда вазирлик “IMMUNE MILK” бренди остида бажарилиши бир йилга мўлжалланган тижоратлаштиришга маблағ ажратади.

Энди янги технология асосида оғиз сутидан болалар ва катталар учун биологик фаол, тез шимилувчи ва SARS-CoV-2 га қарши нейтраллаштирадиган антитаначалари мавжуд бўлган маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.

Келажакда иммун сутидан ташқари, олинган хомашёдан сўриладиган таблеткалар ҳамда ваниль, ялпиз, лимон мазали оғиз бўшлиғига сепиладиган спрейлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
IMMUNE MILK

Иммун сутини олиш устидаги илк қадам

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергология маркази ва Австриянинг Вена Тиббиёт университети билан ҳамкорликда коронавирус инфекциясига қарши янги авлод иммун сутини олиш устида тадқиқотлар олиб борилган.
Халқаро молекуляр аллергология марказининг Биотехнологиялар ва компаратив тиббиёт соҳасидаги олимлар жамоаси ZF-UZ-VAC2001 Ўзбекистон-Хитой вакцинаси билан эмланган сигирларнинг иммун сутидан тажриба намуналарини олишган.
Иммун сутидан олинган маҳаллий капсулалар
Бунда марказ ва Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган "PanaevFarms" ФХ компанияси ўртасида ҳамкорлик шартномаси тузилган. Унга кўра, 31 бош симментал (говмиш) наслдор сигирлар ва Австрия ва Германиядан Голштин зотли сигирлар олиб келинган. Улар хавфсиз ҳамда самарали бўлган вакцина билан эмланган.
Иммун сутидан олинган маҳаллий капсулалар

Тадқиқотлар натижаси

Коронавирус инфекциясига қарши янги авлод иммун сутини олиш устидаги тадқиқотлар натижаси биринчи марта коронавирусга қарши иммун сути олиш имконияти амалиётда исботлаб берган.
Натижаларга кўра, ZF-UZ-VAC2001 рекомбинант вакцинаси билан эмланган сигир ва эчкиларда иккинчи дозадан 2 ҳафта ўтиб, уларнинг қон зардобларида нейтралловчи антитаначалар ҳосил бўлган.
Нейтралловчи антитаначалар фаоллиги 3-дозадан кейин 21 кун ўтиб энг юқори фаолликка кўтарилган ва зардоб 120 марта суюлтирилганда ҳам лаборатория тестларида тирик коронавирус кўпайишини тўхтатиши аниқланган.
Нейтралловчи антитаначалар миқдори сутга нисбатан биринчи уч кунлик оғиз сутида юқори миқдорда эканлиги ва эмланган она сигир сутидаги нейтралловчи антитаналар сут билан озиқланган бузоқларга ўтиши амалий тажрибада кўрсатиб берилган.
Иммун сутидан олинган маҳаллий капсулалар
Олимлар иммун сути хусусиятлари 62,5 ○С температурада 30 минут давомидаги пастеризация режимида сақланиб қолиши аниқлаб, иммун сутининг терапевтик мақсадларда ишлатиш имкониятини очиб беришди.