ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Америка Қўшма Штатлари президенти Жо Байден 2024 йилда иккинчи муддатга сайланиш ниятида. Бу ҳақда у ҳуқуқ ҳимоячиси ва телебошловчи Ал Шарптон билан суҳбатда маълум қилган, дея хабар берди РИА Новости.
Қайд этилишича, Байден сентябрь ойида Ал Шарптон билан бўлган учрашув чоғида президентликка номзоди борасида тўхталиб, “яна ўз номзодини илгарини суришини” айтган.
Телеканалнинг қайд этишича, Байден тарафдорлари унинг иккинчи муддатга номзодини қўйиш ниятини бир неча бор эълон қилишларига қарамай, Америка маъмуриятининг амалдаги раҳбари сўнгги пайтларда бу мавзу бўйича аниқ баёнотлардан ўзини тийиб келган.
“The Washington Post” ва “ABC News” ўтказган сўровномага кўра, АҚШ Демократик партияси тарафдорларининг ярмидан кўпи 2024 йилги навбатдаги президентлик сайловларида Байден номзодини қўллаб-қувватламайди. Демократлар ва бу партиянинг мустақил тарафдорларининг 56 фоизи сайлов вақтида 82 ёшга тўладиган Байден ўрнига бошқа номзод кўрсатишни хоҳлашларини билдирган.
Байден 2021 йил 20 январда лавозимга киришган. У сайланганидан бери 228 кунни таътилда ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Issues & Answers/TIPP томонидан ўтказилган сўров америкаликларнинг 59 фоизи Жо Байденнинг руҳий саломатлигидан хавотирда эканини кўрсатганди.