Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг 80 фоиздан ортиғи Россиядан юборилган

Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари биринчи ярим йилликда 2,4 бараварга ошди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. 2022 йил биринчи ярим йиллиги мобайнида жисмоний шахсларнинг Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига қараганда 2,4 бараварга ошди. Бундан Ўзбекистон Марказий банки ҳисоботи рақамлари далолат бермоқда.
Ҳисоботда келтирилишича, олти ой ичида Ўзбекистонга жами 6,5 миллиард доллар юборилган, шундан 5,3 миллард доллари (81 фоиз) Россиядан келиб тушган.
Ўтган йилнинг мос даврида Россиядан 2,2 миллиард доллар жўнатилганди. Шу тариқа, бир йил ичида пул ўтказмалар 2,4 бараварга ўсган.
Шу билан бирга, Ўзбекистондан Россияга пул ўтказмалари ҳажми 16,7 фоизга, 210 миллион долларгача ошган. 2021 йил биринчи ярим йиллигида 180 миллион долларни ташкил қилганди.
Ўзбекистонда Россиядан пул ўтказмалари мигрантлар оилалари учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. Расмий маълумотларга кўра, ҳозир чет элда икки миллиондан зиёд ўзбекистонлик меҳнат қилади, жумладан, шулардан аксарияти Россияда ишлайди.